21 Июн 2021 йил 294

ИИВ СИРДАРЁ АКАДЕМИК ЛИЦЕЙИ ЎҚУВЧИЛАРИ РЕСПУБЛИКА БЎЙИЧА ТЕНГСИЗ ЭКАНЛИКЛАРИНИ ЯНА БИР БОР ИСБОТ ҚИЛИБ, ТАНЛОВДА 1-ЎРИННИ ҚЎЛГА КИРИТИШДИ

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар Иттифоқи Марказий кенгашининг 2021 йил 9 апрелдаги қўшма қарорига асосан жамиятда ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, таълим муассасалари ўқувчиларининг ҳуқуқий билимлари, онги ва маданиятини юксалтириш, уларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида умумий ўрта-таълим муассасалари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатлари, спорт йўналишидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар, академик лицейлар, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар, техникумлар ўқувчилари ўртасида “Ёшлар ва қонун” Республика танлови ташкил этилди.

Танлов 9-11 синф ҳамда 1-3 курс ўқувчиларидан иборат 8 кишилик жамоалар ўртасида 4 босқичда ўтказилди. Танлов саралаш, туман (шаҳар), ҳудудий (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) ҳамда якуний (республика) жами 4 та босқичлардан иборат.

ИИВ Сирдарё академик лицейининг 8 нафар ўқувчисидан ташкил топган “Соҳибқирон издошлари” жамоаси танловнинг саралаш, туман (шаҳар), ҳудудий босқичларининг барчасида 1-ўринларни қўлга киритиб, Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилиш бўйича республика босқичига йўлланмани қўлга киритган эдилар.  

Танловнинг финал босқичи 2021 йилнинг 17-19 июнь кунлари Андижон шаҳрида ўтказилди. Танловда иштирокчилар “Суд мажлислари модели”,  “Ҳуқуқий ислоҳотлар босқичи”, “Ёшларга оид қонунчилик - ёшлар нигоҳида” ва “Ҳуқуқингни англа” деб номланган 4 та шартлар асосида беллашдилар. ИИВ Сирдарё академик лицейининг 2-босқич ўқувчилари Ойбек Эркинбаев, Тошмурод Абдурахмонов, Анвар Тоштемиров, Отабек Абдуқундузов, Диёрбек Хабибуллаев, Беҳрузжон Бозоров, 1-босқич ўқувчилари Дилсўз Абдуқулова ҳамда Ирода Ҳусановалар “Ёшлар ва қонун” танловининг Республика босқичида 4 та шартлар бўйича тенгсиз эканликларини исботлаб, 14 та жамоа ичида фахрли биринчи ўринни қўлга киритдилар. Тадбир ташкилотчилари томонидан жамоа аъзоларининг ҳар бирига 1-даражали диплом, китоблар тўплами ҳамда “Lenovo” русумли қимматбаҳо ноутбуклар эсдалик совғаси сифатида топширилди.

Андижон-Тошкент поездида Тошкент марказий вокзалига етиб келган жамоа ва уларнинг устозлари ИИВ Сирдарё академик лицейи ҳамда Сирдарё вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси ходимлари томонидан карнай-сурнай садолари остида гуллар билан тантанали равишда кутиб олиндилар.

“Жорий йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши, ортидан 6 та ҳамкор ташкилот томонидан юксак савияда, шаффоф ва адолатли тарзда ташкил этилган “Ёшлар ва қонун” Республика танлови биз ёшлар учун йилнинг энг муҳим воқеаларидан бири сифатида ёдимизда қолади. Шу бугун жамоамиз билан поезддан тушиб келаётганимизда биз учун кутилмаган байрам тадбиридан барчамизнинг кўнгилларимиз ҳис-ҳаяжонга тўлиб, бошимиз кўкка етди. Ёшларга бўлган давлатимизнинг эътиборини шу тарзда ифода қилган лицейимиз ва вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбариятидан беҳад миннатдорман, келгусида республика бўйича олмипиада ва танловларда яна янги марраларни забт этишга ваъда берамиз” дея ўз таассуротлари билан бўлишди лицейнинг 1-босқич ўқувчиси, жамоа аъзоси Ирода Ҳусанова.

Маълумот сўнгида Ўзбекистон Республикаси  Ички ишлар вазирлиги томонидан 2021 йилнинг 23-24 март кунлари вазирлик академик лицейлари ўқувчиларини ички ишлар органларига касбий йўналтириш, уларнинг чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирилган  фанлар бўйича билимларини мустаҳкамлаш, интеллектуал салоҳияти ва  профессионал билим даражасини юксалтириш мақсадида тизимдаги 14 та академик лицейлар ўртасида ўтказилган “Ҳуқуқшунослик”  фан олимпиадасида ИИВ Сирдарё академик лицейининг 2-босқич 202-гуруҳ ўқувчиси Тошмурод Абдурахмонов фахрли 1-ўринни эгаллаган эди. Бу жорий йилнинг ўзида қўлга киритилган иккинчи республика миқёсидаги улкан ютуқдир.

ИИВ Сирдарё академик лицейи педагогик жамоасига ва ўқувчиларига келгусидаги фаолиятига улкан муваффақиятлар тилаймиз.

 Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech