26 Сентябр 2020 йил 333

ИИВ Сирдарё академик лицейи ўқувчилари билан Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг она тилимизда БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи мазмун-моҳияти юзасидан онлайн семинар машғулоти ўтказилди

Ҳаммамизга  маълумки, 2020 йил 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзладилар. Бу улкан тарихий воқеа мамлакатимизда давлат тилига берилаётган юксак эътиборнинг натижаси ҳамда жаҳон афкороммаси олдида ҳам тилимизнинг қадрини янада юксакка кўтариш йўлидаги ишончли қадам бўлди. Президентимизнинг сессиядаги нутқи ўзбек тилида бўлгани билангина эмас, кўтарилган масалаларнинг долзарблиги бўйича ҳам нафақат диёримизда, балки жаҳон миқёсида муҳокамаларга ва улкан эътирофга сазовор бўлганлиги биз учун қувонарли ҳолдир. Бугун ҳар бир онгли, ўзини мамлакат ва дунё тақдири учун жавобгар деб билган инсон сессия материалларини ўқиб-ўрганиб, фикр билдирмоқда.

Шу жумладан, ИИВ Сирдарё академик лицейи раҳбарияти ташаббуси билан 2020  йил 24 сентябрь куни лицей ўқитувчи ва ўқувчилари иштирокида Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг она тилимизда БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи мазмун-моҳияти юзасидан онлайн семинарўтказилди. Семинар давомида сессияда Президентимиз томонидан олға сурилган масалалар ва уларнинг долзарблиги ҳақида қизғин муҳокамалар бўлиб ўтди. Юртбошимиз ўз нутқида коронавирус пандемияси даврида инсониятнинг ожиз томонлари яққол кўринганлиги, бундай вазиятларда дунё давлатлари бирлашиб шериклик асосида ҳаракат қилишлари зарурлиги, бунда БМТнинг ваколатларини кенгайтириш зарурлиги, пандемия шароитида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисида Халқаро кодекс ишлаб чиқарилиб, бунда ҳар бир давлатнинг бошқалар олдидаги мажбуриятлари акс эттирилиши кераклиги ҳақида таклифлар берди. Бундан ташқари Гендер тенглик масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, Ўзбекистон янги парламентида хотин-қизларнинг сони икки баравар ошганлиги таъкидланди, 2020 йилда 50 000 шахсга Ўзбекистон фуқаролиги берилганлиги айтиб ўтилди. Судларнинг мустақиллиги, қонунустуворлиги, камбағалликка қарши кураш, ижтимоий ёрдамни кучайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, давлат бошқарувида Парламентларнинг ролини ошириш ҳақидаги таклифлар сессия қатнашчилари ва тингловчилар томонидан самимий қабул қилинди.

Ёшлар масалалари ҳақида алоҳида тўхталиб, Ўзбекистон аҳолисининг 50%дан ортиғини ёшлар ташкил қилиши, август ойида Самарқандда ёшлар ҳуқуқларига бағишланган форум ўтказилганлиги, Ўзбекистонда Ёшлар парламенти ва Ёшлар агентлиги фаолият юритаётганлиги ҳақида сўзлаб,”Ёшлар ҳуқуқлари бўйича БМТ конвенцияси”ни ташкил қилиш бўйича берилган таклиф ёки минтақавий муаммоларни ҳал қилишда Марказий Осиё давлатлари олдида турган вазифалар, Транспорт коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклиф қилинганлиги, хавфсизликни таъминлаш мақсадида глобалантитеррорстратегиясини ривожлантириш, БМТ қошида Афғонистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига ёрдам берадиган қўмита тузиш масаласи сессия давомида кўтарилган энг долзарб мавзулардан бўлди, десак янглишмаган бўламиз.

Глобал иқлим ўзгаришлари ва Орол фожиасига тўхталар экан, давлатимиз раҳбари Орол минтақасида 2 миллион гектар ерга минтақага мос ўсимлик ва саксовул экилгани, Орол фожиаси бутун Марказий Осиё учун хатарли эканлиги, бунинг олдини олиш мақсадида Орол бўйини ривожлантириш учун БМТда Трансжамғарма ташкил қилиш кераклиги ҳақида, Ер юзида турли хатарлар, зиддиятлар, зўравонликлар кўпаяётганлиги туфайли глобал муаммолар ҳам кўпайиб, камбағаллик кучаяётганлиги ҳақида гапириб, навбатдаги ассамблея йиғилишида шу масалани қўйиш таклифи берганлиги ҳақида ўқувчиларга атрофлича маълумотлар берилди.

Семинар давомида ўқувчилар мавзу юзасидан қизғин баҳс-мунозараларда иштирок этиб, фикрлари билан ўртоқлашдилар, кўплаб маълумотларга эга бўлдилар. Тадбир якунида улар билан мавзу юзасидан онлайн савол жавоб викторинаси ўтказилиб, ғолиблар аниқланди.

Умид қиламизки, бу каби семинарлар ўқувчиларнинг сиёсий онгини ва ижтимоий қарашларини ривожлантиришда, давлат ва дунё тақдирига дахлдорлик туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

 ИИВ Сирдарё академик лицейи директори ўринбосари                                 Н.А.Султонназарова

Text to speech