27 Январ 2023 йил 269

Ички ишлар вазири ўринбосари таълим муассасаларига ташриф буюрди. 

Хабарингиз бор, Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Я.А.Абдулхаков бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи Сирдарё вилоятида аҳоли хонадонлари, таълим муассасаларида иссиқлик тизимини ўрганиш ишларини олиб бормоқда. 

Бугун вазир ўринбосари Гулистон Давлат Университетига ташриф буюриб, Университетнинг 1-сонли талабалар турар жойи, ётоқхона қозонхонаси, дарсхоналар, дам олиш хоналарини кўздан кечириб, талабаларга яратилган шарт-шароитлар, хоналарнинг иссиқлиги билан яқиндан танишди. Ўрганишда, вазир ўринбосари масъулларга энергоресурслардан исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда, мақсадли фойдаланиш, ётоқхоналарни иссиқлик билан таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Шундан сўнг, вазир ўринбосари ИИВ Сирдарё академик лицейига ташриф буюриб, ташриф чоғида аномал совуқда лицей иситиш тизимларини кўздан кечирди ва аниқланган муаммоларни жойида бартараф этиш юзасидан кўрсатмалар бериб ўтди. Лицей спорт залида ўқувчилар совуқ кунларда жисмоний машғулотлар билан шуғулланиши учун қилинган ишлар, шунингдек, лицей ошхонаси ва “Ватанпарварлик бурчаги” билан яқиндан танишиб, лицей кутубхонасида мавжуд адабиётлар, дарсликлар ва бадиий адабиётлар билан таъминланганлиги, ўқувчиларнинг кутубхонадан қай даражада фойдаланаётганликлари билан қизиқиб, ёшларни китобга ошно қилиш юзасидан аниқ кўрсатмалар бериб ўтди.

Ташриф давомида вазир ўринбосари касбга йўналтирилган ҳолда таълим олаётган ўқувчиларнинг қизиқишлари, дунёқараши ва билим салоҳиятини ўрганиш мақсадида ўқув машғулотларида иштирок этиб, ўқувчилар билан бўлиб ўтган самимий суҳбат давомида ўзининг қимматли маслаҳатларини бериб ўтди.

Республика ишчи гуруҳининг ўрганишлари давом эттирилмоқда.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech