Хашар-элга ярашар!
Халқимизда азалдан тозалик ва орасталикка, ободончилик ишларига алоҳида эътибор қаратилган.
Юртимизда турли байрамлар, муқаддас саналар олдидан умумхалқ ҳайрия хашарини ўтказиш ва шу орқали ҳудудларни ободонлаштириш яхши анъанага айланган.
Эътиборлиси, ободликка қаратилган ҳаракатлар ўзбек халқининг тўю-тантаналари, марака ва турли байрамлари сабабли ҳамда бунёдкорлик ишларида янада яққол кўзга ташланмоқда. Фақат ўзимизгагина хос бўлган ҳашарнинг қадрият даражасига кўтарилгани ҳам бежиз эмас. Зеро, халқимиз ҳашарни меҳр-оқибат, ишонч ҳамда дўстлик ришталарини мустаҳкамловчи восита сифатида эъзозлаб келади.
Оқолтин туманида ҳам ана шундай анъана, хашар Сирдарё вилояти ФВБ ходимлари томонидан амалга оширилди. Ушбу хашар Оқолтин тумани “Навоий МФЙ”да эрта тонгданоқ уюшқоқлик билан бошланди. Ходимлар томонидан кўчалар, ариқлар тозаланиб, дарахтлар оқланди. Ушбу хашарда меҳнат қилаётган ходимларга Оқолтин тумани 3-сектор масъуллари томонидан дастурхон ёзилиб, дошқозон осилиб, ош дамланиб хашарчиларга тортилди. Хашарчилар меҳнати орқали маҳалла обод бўлди.
Жамиятимизда ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини, беғараз ёрдам, меҳр-мурувват каби эзгу фазилатларни тобора мустаҳкам қарор топтириш, маҳаллалар, аҳоли турар жойларини ободонлаштириш мақсадида ўтказилаётган ҳашар юртимизни янада обод ва файзли бўлишида ўзига хос хайрли тадбир вазифасини ўтайди.
Шундай экан биз ёшларимизга давлатимиз томонидан олиб борилаётган одилона сиёсатни, қадриятларимизга бўлган эътиборни қўллаб қувватлаш, ўз Ватани, халқини севишга, кўз қорачиғидек авайлаб асрашга фидойи бўлиб яшашга ўргатишлигимиз керак.