9 Апрел 2020 йил 597

Гулистон шаҳрида карантин қоидалари юзасидан ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, жумладан, коронавирус инфекцияси тарқалишининг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш, мазкур йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинаётган қарорлар ижросини жойларда сифатли таъминлаш ва бу борада қатъий назорат ўрнатиш мақсадида Гулистон шаҳрида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан Гулистон шаҳрида жорий йилнинг 06 апрел кунидан бошлаб, “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи жорий этилди. Ушбу ҳаёт тарзи давомида шаҳар фуқаролари фақатгина ўзларинг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида ҳаётий зарур эҳтиёжлар – озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар ҳарид қилиш ҳамда яшаш ҳудудига яқин бўлган шифохоналарга мурожаат этишмоқда. Фуқаролар томонидан ҳаракатланишда, савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаб келишмоқда.

Шунингдек, 65 ёшдан юқори ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз яшаш хонадонларидан чиқмасликлари тўғрисида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Фақатгина зарурат туғилганда тез тиббий ёрдамга мурожаат қилишлари, уйларига яқин бўлган савдо нуқтасига ва дорихона, озиқ-овқат, тиббий буюм воситаларини харид қилишларигагина рухсат берилган.

Шаҳарда фуқароларнинг карантин талабларига қатъий амал қилишлари, шунингдек, ўта зарурат бўлмаган тақдирда кўчага чиқишларининг олдини олиш, карантинга олинган шахсларни белгиланган хоналаридан ташқарига чиқишларини тақиқлаш ҳамда “ижтимоий масофа  талабларига амал қилиш бўйича шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимлари билан ҳамкорликда ўрнатилган тартибда фуқаролар билан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Санитария-эпидемиологик бўлимлари билан биргаликда бозорлар, савдо мажмуалари, жамоат жойлари ва аҳоли пунктларида ташкил этилган савдо нуқталарида аҳоли ўртасида санитария ва гигиена ҳамда карантин қоидаларига амал қилишлари ва риоя этишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Сирдарё вилояти ИИБда жорий этилган карантин тартиб қоидаларига фуқаролар томонидан тўлиқ амал қилишлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, ушбу йўналишда ўтказилаётган махсус рейдлар натижасида тартибга амал қилмаган шахсларга қонунчиликда белгиланган жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмоқда.

Карантин талабларининг ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда махсус рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига қонунчиликда белгиланган тартибда жаримага тортиб, транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари Республика махсус комиссиясининг қарорига асосан жорий йилнинг 06 апрел соат 06:00дан эътиборан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида мототранспортда (мотоцикл, скутер, велосипед, юк ташувчи аравалар) ҳаракатланиш чекланди. Ушбу қонун қоидага бўйсунмаган фуқароларга тегишли тартибда қонунчиликка мувофиқ жарима жазолари қўлланилиб, улардан олинган мототранспортлар (мотоцикл, скутер, велосипед, юк ташувчи аравалар) жарима майдончаларига жойлаштирилмоқда. Ушбу қонун қоида юзасидан карантин даврида фуқароларнинг мототрнаспорт (скутер) ва велосипедда ҳаракатланиши фақатгина ҳаётий зарур эҳтиёжлар – озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситалар ҳарид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш ҳамда иш жойига бориш ва келиш учунгина рухсат этилган.   

Сирдарё вилояти ИИБ Карантин гуруҳи томонидан кўчада максадсиз юрган фуқароларга зарурат бўлмаса уйларидан чиқмасликларини, ўзлари ва яқинлари ҳаётини хавфга солмасликларини тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Ҳурматли фуқаролар!

Мамлакатимизда бугундан ўз-ўзини ҳимоя қилиш тизими кучга кирди. Энди аниқ биламиз: касаллик фақат мулоқот йўли билан, ҳаво томчи йўли билан юқиши мумкин. Шундай экан, ҳар биримиз мулоқотдан ўзимизни сақлашимиз, ортиқча кўчага чиқмаслигимиз, ясама заруриятни ўйлаб топмаслигимиз керак. 
Дунё ҳамжамиятида вазият қанчалик кескинлашиб бораётганини, мамлакатимизда ҳам касалланганлар сони ортиб бораётгани гувоҳи бўляпсиз. Ҳар бирингиз ҳушёр бўлинг. Саломатлигингиз қадрига етинг. Ўзингизни, оилангизни, яқинларингизни, қолаверса юртдошларимизни коронавирусдан ҳимоя қилинг!

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech