26 Май 2022 йил 291

Эслатма: Битирувчилар олийгоҳга кириши учун ID-картаси бўлиши керак

Олийгоҳга ҳужжат топшириш учун мактаб битирувчилари ID-карта олишлари керак. Қабул бошланганида навбатлар кўпайиб кетиши мумкин, шуни инобатга олиб ID-карта олишни охирги кунларгача тақаманг.

Вилоятимиз ҳудудидаги умумий ўрта мактабларни битирган битирувчи ёшларимиз имтиҳонлардан кейин аттестат олади. Айнан аттестат ва паспорт (ёки ID-карта) олийгоҳга кириш учун ариза топширишда талаб этиладиган асосий ҳужжатлардир.

Бироқ ОТМларга қабул бошланишига оз вақт қолаётганига қарамай, 11-синф битирувчилари орасидан минглаб ёшлар аллақачон 16 ёшга тўлган бўлса-да, ҳали ID-карта олмаган.

Таълим тизими масъулларининг билдиришича, қабулга яқин қолганда ID-карта олишга уриниш узун навбатларни юзага келтириши мумкин, шу боис ота-оналарга сўнгги кунларга қолдирмай, тезроқ фарзандларининг ID-карта олишини таъминлашлари тавсия этилади.

Бир неча ҳафта олдин Халқ таълими вазирлиги 16 ёшга тўлган мактаб битирувчиларининг аксарияти ҳали ID-карта олмаганини маълум қилган эди.

Олий таълим муассасаларига абитуриентларнинг ҳужжатлари Давлат тест марказининг abitur.dtm.uz сайти орқали онлайн қабул қилинади. Онлайн ҳужжат топшириш учун битирувчиларнинг паспорт (ID карта) маълумотларини (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами – ЖШШИР) киритиш талаб этилади. Шу боис 16 ёшга тўлган битирувчилар ўз вақтида паспорт (ID карта) олишлари зарур.

ID-карта олиш учун Сирдарё вилоятининг ҳудудий ички ишлар бўлимлари миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига мурожаат этиш лозим. 16 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига 10 йил муддатга бериладиган карта (паспорт) 1 иш куни давомида расмийлаштириб берилади. Хизмат учун БҲМнинг 89 фоизи (240 300 сўм) миқдорида давлат божи ундирилади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 январдан 2011 йил намунасидаги (яшил) биометрик паспортларни бериш тўхтатилиб, ўрнига ID-карталар жорий этилган.

Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси

Text to speech