Диққат, расмий хабар! Коронавирус пандемияси боис Сирдарё вилояти ҳудудида ҳаракатланиш вақтинчалик тўхтатилади.
Ҳурматли фуқаролар!
Вилоят ҳудудига коронавирус касаллигини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича вилоят махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, 2020 йил 10 июл кунидан бошлаб Сирдарё вилояти ҳудудида транспорт воситалари ҳаракати чекланади. Бунда транспорт воситалари туманлараро ҳаракатларига чек қўйилади.
Бундан кўзланган мақсад коронавирус инфекциясининг вилоят ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олишга қаратилган.
Шунингдек, 2020 йил 10 июлдан бошлаб Гулистон шаҳрига кириш ва чиқиш вақтинча тўхтатилади.
Гулистон шаҳрига кириш-чиқиш фақатгина иккита йўналиш бўйича, яъни, биринчиси Гулистон шаҳри Гулистон кўчасига йўл ўтказгич кўприк орқали ҳамда Гулистон шаҳрига Дўстлик қўрғони орқали Хондамир кўчасига кириб чиқиш ташкил этилган Карантин постлари орқали транспорт воситалари ва йўловчилар дезинфекция қилинган холда киритилиб, чиқарилади. Гулистон шаҳрига бошқа йўналишлардан кириб-чиқиш жойлари тўлиқ ёпилади.
Қўйилган чекловлар ҳамда карантин қоидаларини бузган шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилишини яна бир маротаба эслатиб ўтамиз.
Ҳурматли фуқаролар! Саломатлигингиз қадрига етинг. Ўзингиз ва оилангиз соғлигига бефарқ бўлманг. Уйда қолинг ўзингиз ва оила аъзоларингизни асранг.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати