13 Июн 2020 йил 566

Бировнинг ҳаққи буюрмади. Сирдарё туманида ўғирлик жинояти содир этилди.

Халқимиз бировнинг ҳаққи деб ҳаттоки девор оша осилиб турган дарахт шохини синдириб, тиш ковламаган, таклиф қилинмаган жойга бормаган, изн сўрамасдан кирмаган, дастурхондан ҳеч нарсани фарзанд-набираларига илинмаган.

Ана шундай ҳаёт кечирган ота-боболарнинг фарзандлари бугунга келиб ўзганинг ҳаққидан қўрқиш ўрнига ҳеч тап тортмай, алдов билан бировнинг молини тортиб олишгача, шерикларга хиёнат қилишгача етиб боришяпти.

Дастлабки тергов ҳужжатларига кўра, Сирдарё туманида туғилган фуқаро У.Ф муқаддам бир неча маротаба судланиб бундан ўзига тегишли ижобий ҳулоса чиқармасдан, хавфли рецидивист бўла туриб, такроран, маст ҳолатда ўғирлик яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш жиноятларини қуйидаги ҳолатларда қасддан содир қилган.

Жумладан, у 2020 йил феврал ойининг ўрталарида Сирдарё тумани Исломобод маҳалласи ҳудудида жойлашган фуқаро С.Я га тегишли бўлган юк автомашиналари эҳтиёт қисмлари савдо дўкони орқасида турган “Камаз” русумли автомашинага тегишли бўлган нархи 1.000.000 сўм бўлган бир дона “олд ступица” ҳамда нархи 1.000.000 сўм бўлган “ступица барбани” эҳтиёт қисмларини ўғирлаб ҳодиса жойидан яширинган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида фуқаро У.Ф ушбу ўғирланган бир дона “олд ступица” ҳамда “ступица барбани” эҳтиёт қисмларини фуқаро Ў.Кга сотганлиги аниқланиб, Ў.Кдан бир дона “олд ступица” ҳамда “ступица барбани” эҳтиёт қисмлари далилий ашё тариқасида олиниб, тилҳат асосида жабрланувичи С.Яга қайтарилган.

Бундан ташқари, у ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш мақсадида, хавфли рецидивист бўла туриб, такроран, 2020 йил март ойининг ўрталарида соат 22:00ларда Сирдарё тумани Исломобод маҳалласи ҳудудида жойлашган фуқаро С.Яга тегишли бўлган юк автомашиналари эҳтиёт қисмлари савдо дўкони орқасида турган “Камаз” русумли автомашинага тегишли бўлган нархи 1.000.000 сўм бўлган бир дона “орқа ступица”, нархи 1.000.000 сўм бўлган “олд ступица” ҳамда нархи 500.000 сўм бўлган “опорний диска” эҳтиёт қисмларини ўғирлаб, ҳодиса жойидан яширинган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида фуқаро У.Ф ушбу ўғирланган бир дона “олд ступица”, бир дона “орқа ступица” ҳамда бир дона “опорний диска” эҳтиёт қисмларини фуқаро С.Тга сотганлиги аниқланиб, С.Тдан ушбу эҳтиёт қисмлари далилий ашё тариқасида олиниб, тилҳат асосида жабрланувичи фуқаро С.Яга қайтирилган.

Мазкур жиноят иши бўйича фуқаро У.Ф га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қонуний қарор қабул қилишлик учун тегишли судловга юборилган.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech