29 Март 2021 йил 462

БИЛИМ БАХТ ВА ОБРЎ КЕЛТИРАР

Ўзбекистон Республикаси  Ички ишлар вазирлиги томонидан 2021 йилнинг 23-24 март кунлари вазирлик академик лицейлари ўқувчиларини ички ишлар органларига касбий йўналтириш, уларнинг чуқурлаштирилган ва касбга йўналтирилган  фанлар бўйича билимларини мустаҳкамлаш, интеллектуал салоҳияти ва  профессионал билим даражасини юксалтириш мақсадида ўтказилган “Ҳуқуқшунослик”  фан олимпиадасида ИИВ Сирдарё академик лицейининг 2-босқич 202-гуруҳ ўқувчиси Абдурахмонов Тошмурод Дилмурод ўғли фахрли 1-ўринни эгаллади.  Қобилиятли ва ҳаракатчан ёшлар учун яратилган шароитлардан унумли фойдаланган Тошмуроднинг билим олиш ва устозлари Бекзод Уразалиев, Мусурмонқул Ибрагимов, Наби Холмирзаевларнинг билим бериш йўлидаги машаққатли меҳнатлари изсиз кетмади. ИИВ томонидан адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилган танловда Т. Абдурахмонов  81.6 балл тўплаб, энг юқори натижага эришди ва Ички ишлар вазири генерел лейтенант П.Р.Бобожоновнинг дипломи ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Ғолибимиз Сирдарёга ёруғ юз билан қайтганда уни устозлари ва сафдошлари гуллар билан кутиб олишди. 25 март кунги эрталабки сафланишда эса унинг ота-онасига Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи Ш.Т.Мавлянов номидан  “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари топширилди.  Тошмуроднинг онаси Ферузахон Маркаевна қучоғида гул, қалбида қувонч билан лицей раҳбарияти ва педагогларига фарзандининг шу даражага етишига сабабчи бўлганлари учун миннатдорчилик билдирди. “Бу ғалаба  йиллар давомида  ота-онам ва устозларим томонидан менга бериб борилган тарбия ҳамда чуқур билимларнинг самараси  деб биламан ва барчаларидан миннатдорман”,- деди Т. Абдурахмонов.

Text to speech