5 Апрел 2021 йил 424

ҒАЛАБАЛАРГА БОЙ ҲАФТА

ИИВ Сирдарё академик лицейининг 2-босқич ўқувчиси Абдурахмонов Тошмурод ИИВ Академиясида Ички ишлар вазирлиги лицейлари орасида ўтказилган “Ҳуқуқшунослик” фан олимпиядасида 1-ўринни эгаллаб, ёруғ юз билан қайтганидан бир ҳафта ўтар-ўтмас Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт  вазирлиги томонидан ташкил этилган, спортнинг қўл жанги тури бўйича профессионал спортчилар ўртасида 01-04 апрель кунлари Гулистон шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 70 килограмм вазн тоифасида ИИВ Сирдарё академик лицейининг 3-босқич ўқувчиси Холбўтаев Асадбек барча рақибларини доғда қолдириб, 1-ўринни  қўлга киритди. Худди шу спорт турида Асадбекнинг сафдоши Асилов Сардор 65 килограмм вазн тоифасида 2-ўринни эгаллаб, кумуш медалга сазовор бўлди. Лицей жамоаси бу қўшалоқ ғалаба нашидасини тотаётган пайтда Сурхон воҳасидан яна бир қувончли хабар келди: Лицейнинг 1-босқич ўқувчиси Ғайбуллаев Фирдавс Таэквандо ITF бўйича Ўзбекистон чемпионатида 1-ўринни қўлга киритиб, олтин медаллар сонини яна биттага оширди. Спортнинг эндигина оммалашиб келаётган “Усманов Комбат системс” турида ҳам бўлажак тартиб посбонлари бўш келмаяптилар. 2-3 апрель кунлари Наманган шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида 1-босқич ўқувчиси Халилов Махтумқули 65 килограмм вазн тоифасида чемпион бўлиб, шоҳсупанинг энг юқорисидан жой олди. Биз бу ажойиб спортчиларимизни улкан ғалабалари билан қутлаймиз ва олдинда турган Жахон чемпионатида омад тилаймиз.

ИИВ Сирдарё Академик лицейи

Text to speech