Афв этилганлар ижтимоий ҳаётга йўналтирилмоқда
Адашиб жиноят йўлига кирган ва содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни тўғри йўлга, оиласи бағрига қайтариш ўзини инсонпарвар давлат, деб биладиган ҳар қандай мамлакат олдидаги муҳим масалалардан биридир.
Жорий йилнинг 27 август кунида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги ПФ-6298-сонли Фармонига асосан Республикамизда истиқомат қилувчи 140 нафар фуқаролар афв этилиб, жазони ижро этиш муассасаларидан ўз уйларига қайтарилиши кўплаб оилаларга қўшалоқ байрам шукуҳини улашди.
Афв этилган шахсларнинг 3 нафари асосий жазодан, 127 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 12 нафарига тайинланган жазо енгилроқ жазо билан алмаштирилди, бир сўз билан айтганда, 142 нафар шахс жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинди. Шунингдек, 73 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.
Жазони ижро этиш муассасаларидан ўз уйларига қайтган ҳамюртларимиз орасида 4 нафар Сирдарёликлар ҳам бўлиб, уларнинг оилалари бағрига қайтиши ота-оналари, аёллари, фарзандлари қалбини шодликка тўлдирди.
Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шухрат Ҳусанович ҳамда Сирдарё вилояти прокурори Шохрух Аминовлар ана шу 4 нафар Сирдарёлик афв этилганларни қабул қилди.
Қабулда Ички ишлар бошлиғи Шухрат Ҳусанович афв этилганларга халқимизга хос бағрикенглик фазилатини намоён этган Президентимизнинг ишончини оқлаб, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, жамиятда ўз ўрнини топиши, юз бераётган ўзгариш ва янгиланишларнинг фаол иштирокчиси бўлиши лозимлигини таъкидлади. Мутасаддиларга афв этилганларни ижтимоий мослаштириш, моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатликларини тиклаш, ишга жойлаштириш ва шу каби бошқа ҳаётий масалаларда амалий ёрдам бериш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилиб, ижроси қаттиқ назоратга олинди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати