10 Март 2020 йил 1711

2021 йил 1 январдан бошлаб биометрик паспорт ўрнига ID-карталар берилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг мамлакатдаги амалдаги биометрик паспорт тизимини модернизация қилиш тўғрисида илгари қабул қилинган қарорларини амалга ошириш доирасида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 6 мартдаги 129-сонли "Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, 2021 йил 1 январдан бошлаб барча янги туғилган чақалоқларга, Ўзбекистон Республикаси фуқароларига, фуқаролиги бўлмаган шахсларга ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига биометрик паспорт ўрнига 10 йил муддатга ҳужжат эгасининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжат сифатида идентификация ID-картаси берилади.

ID-карталар фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қилади. Чет элга чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет элга чиқиш учун биометрик («загранпаспорт») паспорти берилади.

ID-карталарни бериш тизимли равишда 2021 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача мамлакат аҳолиси учун қўшимча юкламасиз амалга оширилади. Шу билан бирга, 2011 йилдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг илгари берилган биометрик паспортларини, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқароларининг яшаш учун рухсатномаларини алмаштириш уларнинг эгаларининг илтимосига биноан муддати тугагандан ёки муддатидан олдин амалга оширилади. 2030 йил 1 январдан бошлаб 2011 йилдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

ID-карталарни бериш тизимига ўтиш ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилмоқда ва фуқароларни рақамли идентификация қилиш тизимини жорий этишни жадаллаштиради, фуқароларнинг бирламчи маълумотларини Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идораларининг ахборот тизимларига интеграциялаш жараёнини автоматлаштиради, аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш жараёнини осонлаштиради ва оптималлаштиради.

ИИВ Ахборот хизмати

Text to speech