2 Март 2021 йил 398

“– Гўдагини сотган аёлни инсон деб айта олмайман”

Одат бўлиб қолганидек, нохуш хабар кутилмаганда келди. “Фаровон” маҳалласининг оилаларидан бирида йирик жанжал келиб чиққан, маҳалла раиси, профилактика инспектори кечаси билан оёқда турган эди. Эр чойхонада улфатлари билан кечган базмдан кейин базўр уйига етиб келган,  хотинини болаларини кўчага ҳайдаб чиқарган эди. Бошлиқдан тегишли  топшириқ олган Мавжуда эрталабдан ўша хонадонга кириб борди. Чоғгина ҳовлида кечаси бўлиб ўтган жанжалнинг излари кўриниб турарди.  Уйнинг ойналари синган, тутнинг тагида челаклар ағдарилиб, идиш-товоқлар синиғи сочилиб ётарди. Қаршисидан йиғлайвериб қовоқлари шишиб кетган уй бекаси чиқди. Салом-аликдан кейин воқеани секин суриштиришни бошлади. Эр сурункали ичикиликка ружу қўйгани учун рўзғорнинг баракаси учган эди.   Мактабга чиққан болаларнинг усти юпун, пойабзалларининг ҳам таги оқочилиб қолганига анча бўлган. Оилада бир неча йилдан бери кечаётган етишмовчилик, эрнинг зуғумидан охири аёлнинг сабри тугади. Жанжал шу тариқа бошланди. Ва бу биринчи жанжал эмасди. Мавжуда маҳалланинг хотин-қизлар бўйича маслаҳатчиси, прифилактика инпектори билан баргаликда ушуб оилага кўмак бериш учун қатти киришди. Биринчи ўринда раҳбарият орқали тумандаги “Оқолтиндон” ҲЖ га илтимос билан чиқди. Эрни ишга жойлаштириш зарур эди. Аксига олиб корхонада бўш жой йўқ, ишга талабгорлар эшик олдида навбат кутиб туришарди. Мавжуда Нармуротова бўш келмади. Шу ишга киришдими, энди охирига етиши керак. Бир неча уринишлардан кейин жанжалкаш эркак шартнома асосида ишга олинди. Бу оилани соғломлаштириш йўлидаги биринчи қадам эди. Оилани у доимий назоратига олди. Аёлга “ҳимоя ордери” берилиб, кунда-кунора хонадондан хабар олиб турди. Маҳалла раиси ҳам қараб турмади. Биргаликда ҳомий топишиб болаларнинг кийимини янгилашди. Ҳар учрашувда эрни хотинига, хотинини эрига мақтади. Уларнинг фарзандларини ўқишини ҳам назоратга олиб турди. Шу тариқа ярим йил ичида ушбу оиладаги муҳит жойига, уларнинг ҳаёти эса ўз ўзанига тушди. Вазифа бажарилгач, Сайхунобод тумани ИИБ бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, капитан Мавжуда Нармуротова эса ўз назоратидаги бошқа оилага йўл олди.                

Мавжуда асли Сурхондарёнинг бир томони дарёга, бир томони  қир-адирларга бориб тақаладиган Жарқўрғонидан. Болалигида онаси уни кўп бора Термизга етаклаб тушар, шаҳардаги қўҳна иморатлар, “Алпомиш”нинг эртакнамо ҳайкали, марказдаги катта соат-курант унда катта тассурот қолдирарди. Унданам қизиқроғи, ҳарбий форма кийиб олган қизларни кўрса уларнинг олдидан  кетгиси келмасди. Онаси ортидан қолмаслигини тайинлаб танбеҳ берса ҳам, елкаларига юлдузчалар тақиб, бошларига бежирим берёткалар кийиб шўх-шодон кетиб бораётган бу опаларнинг ортидан беихтиёр эргашиб кетаверарди. У қачон катта бўларкан, қачон мана шу қизлар сингари ҳарбийча кофта-юбкаси, бошига қия қўндирилган фуражкаси билан ҳаммани ҳайратга солар экан? Ҳали улғайиб ҳамманинг бир ҳавасини келтирсинми! Бунинг устига отаси Жонқобил аканинг “қизларимдан энг бўлмас бири ички ишлар ходими бўлса эди” деган орзуси унинг унинг кўнглидаги ҳавасини алангалатди. Уни жонидан ортиқ кўрадиган падари узоқ йиллар олдин оилавий сабаларга кўра ички ишлар академиясидаги ўқишини ташлаб келган, ўзи етолмаган орзуларига фарнзандлари етишишини истарди.

Орзу шу тариқа илдиз отди.  Ва бу орзу қизалоққа ҳеч қачон тинчлик бермади. Мактабда барчадан ажралиб турадиган Мавжуданинг иқтидорини пайқаб ота-онаси уни академик лицейга қўйишди. Лицейда рақобат кучли эди. Вилоятнинг турли бурчакларидан келган билимдонлар орасига  сингиб кетмаслик, улар билан беллашувда илғор бўлиш ҳаммага ҳам эмасди. Лекин Жарқўрғонлик қиз пишиққина чиқиб қолди. Кечлари ҳам китобдан бош кўтармас, дарсдан кейин доим уни компьюьтер хонасида, спорт залда, кутубхонада учратиш мумкин эди. Ўзини аямас, ўзига ўта қаттиқўл эди. Орзуларига эришиш йўли осон кечмаслигини устозлари унга қаттиқ ўргатишганди. Шу маслаҳатга амал қилгани унга дастлабки мевасини берди. Лицейни тугатганида унинг қўлида бири қучоқ гул ва имтиёзли диплом бор эди. Мана шундай ўқувчисидан ажралаётган синф раҳбарининг кўз ёшини кўриш осон эмасди. Уни  ҳаёт уммонида катта синовлар кутаётганди. Атрофдагиларни ажаблантириб у Ички ишлар академиясига ҳужжат топширди. Билим барча эшикларни очади деганларича бор экан. Барча синовлардан ўтиб ушбу улкан даргоҳнинг тингловчилари сафидан жой олганида туш кўрмаяпманмикан деб ўзига ишонмади. Орзулари рўёбга чиқаётганди. Мана ўша болалигида орзу қилган форма.

Ички ишлар академияси унинг учун бир-биридан кучли ва улкан ҳаётий тажрибага эга устозлардан севган касби сирларини ўрганиш имкониятини берган улкан билим даргоҳи бўлиб қолди. Ва бу ҳали ҳаммаси эмас. Ҳаётнинг “палаҳмони” уни академия остонасидан Сирдарё томонга улоқтирганди. Боиси  у илм даргоҳида ўз бахтини, бўлажак турмуш ўртоғини топди. Сирдарёлик гуруҳдоши билан ҳали бир умр бирга ҳаёт кечиришини бир пайтлар хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Қанот ёзиб Сирдарёга ишга йўл оларкан, ёшларга хос улкан орзулар, жиноятчилик билан курашда қаҳрамонга айланиш каби ширин хаёллар унинг қалбини қамраб олганди. Дастлаб ишни Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси жиноят қидируви ва терроризмга қарши кураш бўлимининг одам савдосига қарши кураш гуруҳида бошлади. Ёш лейтенантга катта масъулият юклатилган эди. Бутун дунё бўйлаб ўргимчак тўри сингари ёйилган одам савдоси балоси бизнинг минтақа учун ҳам бегона эмасди. Узоқ-яқин давлатларга алдов йўли билан олиб кетилган фуқаролар қуллик, тазийқ, эксплуатацияга дуч келишар бегона юртларда ҳимоя қиладиган одам топа олмай не-не азобларни бошидан кечирмасди. Энг аламлиси, мана шу жирканч ишга қўл урганлар орасида ўзимиздан чиққан устамонлар шахсий бойлик тўплаш мақсадида кўмак беришар эди. Айниқса аёлларни фоҳишалик учун алдов йўли билан Туркия, БАА каби давлатларга олиб чиқишга қарши кескин кураш кетаётганди. Мавжуда устозлари ёрдами балан бир гуруҳ ана шундай жиноятчиларни фош этгани ҳеч эсидан чиқмайди. Қўшмачиликни касб қилиб олган бу аёллар барча инсоний фазилатлардан маҳрум эди. Виждон, диёнат, ибо каби хислатларни пулга алмаштирган бу аёллар ўзбек аёллари орасидан чиққанига ишониш қийин эди. Ачинарлиси одам савдосининг ўргимчак тўри “маҳаллийлаша” бошлаганди. Вилоятнинг бир неча ҳудудларида улар фоҳишахоналар очишган эди.  Сирдарё туманидаги ана шундай гуруҳнинг фош этилиши Мавжуданинг илк операцияси эди. Суд ҳукми қатъий бўлди.Сирдар1 туманидан чиққан бу гуруҳ ўз қилмишларига яраша озодликдан маҳрум қилиш жазосини олганида адолат ўз ўрнига тушгандек эди. Лекин ўнлаб умри хазон бўлган қизларнинг ҳаётига солинган заҳарни ювишнинг афсуски имкони йўқ эди. Мавжудани кўпроқ мана шу ҳолат қийнарди.

Кейинги жиноятни фош этиш тадбири янада қизиқроқ бўлди. Енгил турмуш тарзини одат қилиб олган, танасини сотиш бьилан кун кўрадиган аёл ҳомиладаор бўлиб қолади. Чақалоқни сотмоқчи бўлиб, харидор излайди. Мавжуда унда бефарзанд аёл ролини ўйнади. Бозор яқинида бўлиб ўтган учрашувда чақалоққа “харидор” сифатида қатнашаркан, ич-ичидан бу аёлнинг қилмишидан нафратланиб кетди. 1300 АҚШ долларига ўз фарзандини сотган бу аёлни наинки аёл,  инсон деб ҳисоблаш ҳам қийин эди...

Кўп ўтмай уни Сайхунобод тумани ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикасини мувофиқлаштириш бўлинмаси хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори вазифасига ўтказишди.

Мавжуда Нармуратова хизмат вазифаси ўта масъулиятли эканини тушунарди. Ичик ишлар органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига мувофиқ, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ўз жонига суиқасд қилишга мойил аёллар билан профилактик ишларини ташкил этиш, турмуш муносабатлари доирасида келишмовчиликлар мавжуд оилаларни аниқлаш ва улар томонидан содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш, шунингдек, фуқаролардан келиб тушган аризаларни қонун доирасида кўриб чиқиш кабилар киради. Эҳҳее... Буларнинг ҳаммасига қаердан улгураркан? Бунинг устига “Аёллар темир дафтари”, Ички ишлар секторидаги фаолият ҳам бор. Лекин чинакам киришилса ҳаммасига улгурса бўларкан!

Туман ҳудудида жами 76 минг нафар аҳолининг тенг ярими аёллар. Уларнинг муаммоси ҳам шунга яраша. Оила деган муқаддас даргоҳда тинч-тотув яшаб, фанзандларининг камолини кўриб учун курашадиган, миллий қадриятларимизга амал қиладиган жуфтликлар орасида носоғлом оилалар ҳам учраб турарди. Мавжуда Нурмуротова ишни маҳаллалардаги хотин-қизлар бўйича маслаҳатчилар кўмагида ана шундай оиларнинг руйхатини тузишдан бошлади. Ҳар бирига алоҳида ёндашди. Маълумотларни умумлаштирар экан нотинч оилаларга хос ишсизлик, лоқайдлик, масъулиятсизлик, ичкилик ва бетайин турмуш тарзига қарши курашиш зарурлигини, бунда жамоатчилик кўмагисиз ҳеч нарсага эришолмаслигига кўзи етди. Шу боис ҳар бир маҳаллада, қишлоқларда учрашувлар ўтказиўдан эринмади.  Кекса кайвонилар, ҳожи оналарни ўзига эш қилволди. Улардан жамоатчилик назорати, ҳуқуқбузарликларга нисбатан профилактик суҳбатларда фойдаланди. Ажрим ёқасига келиб қолган оилалар остонасидан қадамини узмади. Уларни яраштириш пайида бўлди. Биргина 2020 йилннг ўзида 9 та ана шундай оилалар билан иш олиб борди. Машаққатли уринишлардан кейин уларнинг учтаси тўлиқ ярашиб, яна бир оила бўлиб бирлашди. Қолганларидаҳам муҳит анча яхшилашди. Лекин афсуски бу оилаларнинг ҳаммасини ҳам сақлаб қолишнинг иложи йўқ.

Ҳаммасидан қувонарлиси, 2020 йилда ундан олдинги йилга нисбатан Сайхунобод туманида хотин-қизлар томонидан содир этилган  жиноятлар сони сезиларли камайди.  2020 йилда жами 7 та жиноят содир этилиб, улар  ҳам оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар сарасига кирмасди.

Мавжуда Нурмуратова секторлар билан ҳам доимий ҳамкорликни йўлга қўя олди. Ҳамкорликда 2020 йилнинг ўзида 400 нафардан ортиқ хотин-қизларни  муаммолари ўрганилиб, уларнинг юзга яқинида муаммолар борлигини аниқлади. Қисқа муддатда уларнинг 75 нафарининг муаммоларини ҳал қилишга муваффақ бўлинди Уларнинг 45 нафарини кредит олиб бериш, ишга жолйшатириш, кичик цехлар ташкил этиш йўли билан бандлиги таъминланди. 8 нафар боқувчисини йўқотган аёлларга ҳар томонлама кўмак берилди. Уларнинг уйлари ҳомийлар кўмагида таъмирланиб, замонавий, қулай ҳолатга келтирилди. Таҳлиллар тумандаги 1250 нафар аёллар ўз доимий яшаш манзилини тарк этганини кўрсатди. Уларнинг аксарияти тирикчилик важидан, айримлари тўғри ниятда бошқа жойларга кетгани тайин. Лекин афсуски  ҳаммасига ҳам шундай баҳо бериб бўлмайди. Фоҳишалик, енгил ҳаёт ортидан кетганларни аниқлаш, уларни соғломлаштириш унинг фаолиятининг ажралмас қисмига айланди.

Мавжуда Нурмуротованинг оиласи-унинг бахти! Икки нафар фарзандининг еру-кўкка ишонмайди. Шу боис оила унинг учун хизмат фаолиятидан кам аҳамият касб этмайди. Тўғрисўзликликни энг муҳим фазилат, иккиюзламачиликни энг қабиҳ иш деб биладиган ушбу ички ишлар ходими фарзандларини ҳам шу руҳда тарбиялашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ,

 Сирдарё вилояти     

Text to speech